nashruz.uz
← Qaytish AMALIY JARROHLIK
Original tadqiqot

AMALIY JARROHLIK, Vol. 3, No. 3 (2026)

НЕОАДЪЮВАНТ КИМЁТЕРАПИЯ ОЛАЁТГАН СУТ БЕЗИ САРАТОНИ БИЛАН КАСАЛЛАНГАН БЕМОРЛАРДА ЭРТА КИМЁТЕРАПИЯ ИНДУКЦИЯЛАГАН НЕЙТРОПЕНИЯ ЎСМАНИНГ ДАВОЛАШГА ЖАВОБИНИ БАШОРАТЛОВЧИ ОМИЛ СИФАТИДА

  • Khafizova R.R. ✉
Qabul qilingan: 14-oktabr, 2026Tasdiqlangan: 26-oktabr, 2026Chop etilgan: 27-oktabr, 2026

Annotatsiya

Долзарблиги. Неоадъювант кимётерапия (НАКТ) маҳаллий тарқалган ва биологик жиҳатдан агрессив кўкрак бези саратонини комплекс даволашнинг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Бироқ цитотоксик даволашга индивидуал сезувчанлик беморлар орасида сезиларли даражада фарқ қилади. Кимётерапия таъсирида юзага келадиган нейтропения анъанавий равишда жиддий назоратни талаб қилувчи ножўя таъсир сифатида қаралади. Айрим ҳолларда кимётерапевтик препаратлар дозасини ўзгартириш ёки гранулоцитар колония стимулловчи омилни (G-CSF) қўллаш зарурати туғилади. Шу билан бирга, эрта гематологик токсиклик цитотоксик препаратларнинг организмга етарли даражада тизимли таъсир кўрсатаётганини билвосита акс эттириши ҳамда ўсманинг даволашга жавоби билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Тадқиқот мақсади. Сут бези саратони билан касалланган беморларда эрта кимётерапия индуцирлаган нейтропения ва неоадъювант кимётерапия самарадорлиги ўртасидаги ўзаро боғлиқликни баҳолаш.

Материаллар ва усуллар. Тадқиқотга сут бези саратонининг II–III босқичлари ташхиси қўйилган, неоадъювант тизимли кимётерапиядан сўнг жарроҳлик амалиёти ўтказилган 92 нафар бемор аёл киритилган. Кимётерапиянинг дастлабки курсларида 2–3-даражали нейтропения ривожланишига қараб беморлар икки гуруҳга ажратилган. I гуруҳга эрта нейтропения кузатилган 47 нафар бемор, II гуруҳга эса клиник жиҳатдан аҳамиятли нейтропения кузатилмаган 45 нафар бемор киритилган. Тадқиқот давомида ўсманинг клиник даволашга жавоби, тўлиқ патоморфологик жавоб (pCR) частотаси, бирламчи ўсма ўлчамларининг ўзгариши, даволаш курсларининг кечиктирилиши, кимётерапевтик препаратлар дозасининг камайтирилиши ва асосий ножўя таъсирлар баҳоланган.

Натижалар. Тўлиқ патоморфологик жавоб I гуруҳдаги 20 нафар (42,6%) ва II гуруҳдаги 11 нафар (24,4%) беморда қайд этилган. Бирламчи ўсма ўлчамларининг ўртача кичрайиши мос равишда 69,1% ва 54,8% ни ташкил этган. Эрта нейтропения ва ўсманинг даволашга жавоби ўртасидаги боғлиқлик айниқса уч карра негатив ҳамда HER2-мусбат кўкрак бези саратони билан касалланган беморларда яққолроқ намоён бўлган. Шу билан бирга, даволашда узоқ муддатли танаффусларга сабаб бўлган оғир гематологик токсиклик кимётерапевтик препаратлар дозасини камайтириш ҳолатларининг кўпайиши билан боғлиқ бўлган.

Хулоса. Эрта ривожланган ўртача даражадаги кимётерапия индуцирлаган нейтропения неоадъювант кимётерапияга нисбатан ўсманинг яққолроқ жавоби билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бироқ оғир ёки узоқ давом этувчи нейтропения даволашнинг узлуксизлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Даволаш самарадорлиги ва хавфсизлиги ўртасидаги мувозанатни сақлаш учун индивидуал гематологик мониторинг ҳамда ўз вақтида қўллаб-қувватловчи даволаш чораларини амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Kalit so'zlar

  • кўкрак бези саратони, неоадъювант кимётерапия, нейтропения, тўлиқ патоморфологик жавоб, кимётерапия токсиклиги, ўсманинг даволашга жавоби, прогностик омиллар.

0 ko'rishlar · 0 yuklab olishlar · pp. 88–94

Ko‘rsatkichlar va e’tibor

O‘xshash maqolalar